ТЎРАҚЎРҒОН-МИНГБУЛОҚ ЙЎЛИ УЗУМЗОРГА АЙЛАНАДИ

Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовнинг туманларда намунали лойиҳа асосида қурилган коттежлар олд майдонларининг бўш турган қисмини узумзорга айлантириш бўйича берган тавсиялари асосида Тўрақўрғонда ҳам ҳаракатлар бошлаб юборилган.

Туман марказидан Мингбулоқ чегарасигача бўлган оралиқда жойлашган 13 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 670 хонадон 13 километр масофадаги 35 гектар майдонда узум етиштирдилар. Шу муносабат билан айни кунларда ток кўчатлари экиш акцияси эълон қилинди ва қисқа муддатда 134.500 дона кўчат ва қаламчалар ўтқазилди. “Келин бармоқ”, “Ризамат ота” каби энг харидоргир ва серҳосил, экспортбоп навлар кўчатлари маҳаллий узумчи боғбонлар томонидан етказиб берилмоқда.

Ҳисоб-китоб қилинишича, ушбу майдонлар ҳосилидан йилига 2 миллиард 60 миллион сўмгача даромад олиш мумкин экан. Ҳам оила иқтисодини мустаҳкамлаш, ҳам қўшимча иш ўринлари яратилиши эса янада манфаатли.

Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Озод” маҳалласида ток кўчатлари экиш тадбирида иштирок этди.