“ОБОД ҚИШЛОҚ”ДАГИ МАКТАБ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ
Қадимий Ахсининг бир қисми ҳисобланган Яккатом маҳалласи жорий йилда “Обод қишлоқ” Давлат дастурига тушиб, чирой очди. Электр энергияси, ичимлик суви таъминоти, йўллар ҳолатини яхшилаш билан бирга мавжуд бино-иншоотлар, хонадонлар замон талабларига мос қайта таъмирланди. Айниқса, 1989 йилда, яъни, ўттиз йил олдин қурилган 22-умумтаълим мактабини мукаммал таъмирлаш учун 4,5 миллиард сўм ажратилиши аҳолини беҳад қувонтирди.
Баҳорда “Сардорбек Арслонбек транс” хусусий корхонаси томонидан бошланган ишлар ниҳоясига етиб, таълим даргоҳи гўзал қиёфа касб этди. Унинг тақдимот маросимига бутун қишлоқ аҳли жам бўлишди.
-Таълим-тарбияга эътибор давлатимиз томонидан ҳамиша биринчи ўринга қўйилган, бундан буён ҳам шу тарзда давом этади. Чунки муҳтарам Президентимиз кучли билим ва тафаккурга эга келажак авлодларга катта умид билан қараб келмоқдалар,-деди маросимда иштирок этган туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Элёрбек Турғунов.
Мактабга узоқ йиллар директорлик қилган Иброҳимжон Ибрагимов ва бошқалар ғамҳўрлик учун миннатдорлик изҳор қилган бўлсалар, аҳил жамоа тайёрлаган бадиий дастур меҳмонларга ажиб кайфият бахш этди.
-Мактабимизда шароитлар мукаммал бўлди, бу йил 48 нафар битирувчиларимиздан 18 нафари олий таълимга киришга муваффақ бўлишди. Навбатдаги ўқув йилида натижаларимиз бир неча баробар ошади, бунга бурчлимиз,-деди директор Дилором Тожибоева.