ҲАР БИР МУАММОНИНГ ЕЧИМИ БОР
буларни мутасаддиларнинг ўзи назоратга олса янада тезроқ ҳал бўлади
Бу галги туман ҳокими қабули ҳам хизмат кўрсатувчи идоралар, муассаса, корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтганлиги билан янада аҳамиятли бўлди. Сабаби, мурожаат этувчиларнинг шикоятлари, таклиф ва истакларини ўрганиш жараёнида тегишли идоралар ёки муассасалар мутасаддилари фуқаролар билан юзма-юз суҳбатлашиб, муаммоларга ечим йўлларини ахтардилар. Шу сабабли мурожаатчиларнинг ҳоким қабулига киришларига ҳожат ҳам қолмади.
Масалан, Ёртепакўча маҳалласидан келган халқ вакиллари билан мулоқотда бўлган Тумангаз раҳбари вазифасини бажарувчи Муҳриддин Дадахонов табиий газ билан боғлиқ масалани тезда ўрганиб, жойида ҳал этишга киришди.
Дашт маҳалласида электр токи таъминотидаги қийинчиликлар юзасидан туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Шерали Қўзиев мурожаатчилар билан гаплашди, аҳволни ўнглаш бўйича чоралар кўриладиган бўлди.
Шунингдек, туман Пенсия жамғармаси туман бўлими бошлиғи ўринбосари Ҳошимжон Маматқулов бир неча фуқароларга болалар пули ҳамда моддий ёрдам пуллари тўланиши бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берди.
Ҳоким Зулайҳо Маҳкамова томонидан ҳар бир мурожаатчининг арзи алоҳида эътибор билан тингланди. 6-мактаб ўқитувчиси Зарифа Асқарованинг уй-жой сотиб олиш билан боғлиқ масалада юзага келган муаммоси мутахассислар иштирокида кўриб чиқилди ва уни белгиланган тартиб-қоидалар асосида ижобий ҳал этишга келишилди.
Яккатом маҳалласидаги 650 метрча, Кичик Қўрғонча маҳалласидаги 1 километрча йўлни эпақага келтириш бўйича жойида ўрганиш олиб бориш ва ҳолатни яхшилаш учун керакли топшириқ берилди.
Ёртепа маҳалласида истиқомат қилувчи Дилором Нуриддиновага эса селдан зарарланган уй-жойида таъмирлаш ишлари олиб борилиши учун «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳисобидан моддий ёрдам бериладиган бўлди. Қабул пайтида ўнлаб мурожаатлар бўлди ва уларда билдирилган масалаларнинг аксариятига шу куннинг ўзида ечимлар топилди.