Табаррук хонадонга ташриф

Тўрақўрғон тумани ҳокими Зулайҳо Маҳкамова меҳмонларни Хўжанд маҳалласида яшовчи узумчи-боғбон Комилжон Юсупов хонадонига бошлади. Анча йиллар олдин боғбонликда донг таратиб, ҳатто Биринчи Президентимиз қўлларидан автомобиль совғасини олган Абдужаббор ота эккан ток кўчатлари бутун қишлоқдаги оилалар томорқаларига илдиз отган, десак муболаға бўлмайди.

Комилжон Юсупов отаси изидан бориб, 15 сотихлик боғида келинбармоқ, ҳусайни, хасайни, Ризамат ота каби серҳосил узум навларини парваришламоқда. Кўчатчилик эса унинг севимли машғулоти. Қўшни туман ва вилоятлардан ҳам харидорлар келиб, ток қаламчаларини ихлос билан олиб кетишади.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Анваржон Ҳакимов, Фермерлар кенгаши раиси Носиржон Каимов ва иштирокчилар бу ерда ток кўчати ўтқазишда иштирок этишди.