Энг қадимий ва олижаноб касб эгалари улуғланди

Жорий йил туманимиз қишлоқ хўжалиги соҳаси учун баракали ва муваффақиятли келди. Туман пиллакорлари деҳқончиликнинг ҳандалаги бўлмиш “кумуш тола” топшириш бўйича тузилган шартномани 178 тонналик хирмон кўтариш билан бажариб, муваффақиятли бошлаб бердилар.

Сўнгра ғаллачиликда 4880 гектар ер майдонларида 81 центнердан, жами 15545 тонна дон қабул қилиш пунктларига топширилди ва шартномавий режага нисбатан 127,2 фоизга ортиғи билан бажарилди.

"Наманган тўқимачи агрокластери" ҳамкорлигида пахта етиштириш ва давлатга сотишни вилоятда биринчи бўлиб бажаришга эришдик. 4269 гектар майдондан жами 15830 тонна юқори сифатли саноат хом ашёси давлат омборларига етказиб берилди. Ҳар гектар ердан қарийб 38 центнердан ҳосил олинди.

Хусусан, “Бураматут гулшани”, “Комилов Турсунбой”, Бахтиёр, Неъмат, Шавкат”, “Каримов Ёқубжон саховати”, “Нўъмонжон ҳожи набираси Асадбек”, “Ситабону”, “Ибрат файз толаси”, “Шоҳидон бургути” каби ўнлаб фермер хўжалиги деҳқонлари катта хирмонга салмоқли улуш қўшишди.

Туман маданият марказида энг қадимий ва олижаноб касб эгалари улуғланди. Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова ҳамда сектор раҳбарлари улар шаънига муносиб тилакларни билдиришди.

Эл суйган хонанда Мансурхон Нурматовнинг дилтортар қўшиқлари даврага файз киритди.

Бир гуруҳ соҳа фидойилари Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан “Илғор фермер”, “ Меҳнаткаш деҳқон”, “Намунали томорқачи” кўкрак нишонлари билан тақдирланган эдилар. Ушбу мукофотлар ўз эгаларига топширилиши билан бирга яна кўплаб вакилларга, оқсоқолларга, МФЙ раисларига туман ҳокимлиги, “Наманган тўқимачи” агрокластерининг совғалари тортиқ қилинди.