ТЎРАҚЎРҒОН ФАРЗАНДИ АҚШДАГИ НУФУЗЛИ ОЛИЙГОҲ ТАЛАБАСИ БЎЛДИ

Шундай фарзандни тарбиялаган ота-онага миннатдорчилик билдирилди

Умиджон Абдуллажонов 2003 йилда Тўрақўрғон туманидаги Ўрда маҳалласида туғилган. 28-мактабда бошланғич синфни ўқиб юрган пайтидаёқ аниқ фанларни пухта ўзлаштириши билан тенгдошларига ўрнак бўлиши устозларини ҳайратлантирарди.

У 5-синфдан бошлаб ўқишни Мингбулоқ туманидаги 13-ДИМИда давом эттирди ва фан олимпиадаларида фаол қатнашиб, вилоят ҳамда республика босқичларида олдинги ўринларни эгаллаб келди.

Жорий йил ўрталарида Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги беллашув унга чинакам омад келтирди. Фан олимпиадасида фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, Жаҳон миқёсидаги мусобақада ҳам иштирок этди ва Америка Қўшма Штатларининг Арезона университетида ўқиш учун 80 минг долларлик грант ютиб олди. Айни кунларда Умиджон ушбу нуфузли олийгоҳнинг математика йўналишида таҳсил олмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш Агентлиги Наманган вилоят филиали раҳбари Шуҳрат Тўхтабоев ва туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова истиқболли ёшларимиздан бири Умиджонни тарбиялаб вояга етказган отаси, оддий деҳқон Қодиржон Турғунов ҳамда онаси Азизахон опаларни йўқлаб, уларнинг хонадонларига боришди. Уларга фарзанд тарбиясига катта эътибор қаратганлари учун миннатдорчилик билдириб, Ташаккурнома ва эсдалик совғаларини топширишди.