“УЗУМЗОР”-ЧИНАКАМ ОБОД МАҲАЛЛА

Аҳоли фаровонлиги, қишлоқ, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашда “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилаётган ишларнинг ўрни алоҳида.

Бу дастурлар доирасидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари туфайли Тўрақўрғон туманидаги “Узумзор” маҳалласининг қиёфаси ҳам тубдан ўзгарди, аҳоли учун қулай имконият ва шароитлар яратилди. 9 млрд. 230 млн. 900 минг сўм маблағ сарфланиши ҳисобига маҳаллада узоқ йиллардан ҳал бўлмаётган муаммолар барҳам топди. Барҳаёт, Соҳил, Коинот, Ёшлар кўчаларида жами 3,65 км. йўл асфалтланди ва 5,18 км. шағалланди. Электр таъминотини яхшилаш учун 90 та таянч ўрнатилди, 1 та ТП янги қўйилди ва 1 та ТП таъмирланди, 2,5 км электр тармоғи янгидан қурилди. 28 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. 9 км. ичимлик суви тармоғи тортилди ва янги қудуқ қурилди. Ҳозирги кунда аҳоли хонадонларига улаш ишлари амалга оширилмоқда.

Маҳалланинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, вилоят прокурори Жаҳонгир Ҳатамов, ИИБ бошлиғи Одил Атаходжаев, Тўрақўрғон тумани ҳокими Зулайҳо Маҳкамова, нуронийлар, аҳоли вакиллари иштирок этишди.

Дастлаб 558 млн.сўм эвазига мукаммал таъмирдан чиқарилган “Соҳилобод” ОШП биносининг тақдимоти ўтказилди. Иккита маҳалланинг тўрт мингдан зиёд аҳолисига хизмат кўрсатувчи ушбу тиббиёт масканига энг замонавий тез тиббий автомобили топширилди.

“Узумзор” маҳалласи ҳамда 32-сонли давлат МТТ бинолари реконструкциядан чиқарилиши ҳисобига чиройли қиёфа касб этди.

-Обод маҳаллада ҳамма нарса обод бўлиши керак, кўнгиллар ҳам, ҳаракатлар ҳам,-деди вилоят раҳбари Шавкатжон Абдураззоқов.- Оилаларимиз фаровонлиги ўзимизга боғлиқ. Меҳнат қилсак, фарзандларни тўғри тарбияласак, энг муҳими, шукроналик билан яшасак бунга эришамиз.

Тадбирда нуронийлар, маҳалла фаоллари сўзга чиқиб, эътибор ва ғамҳўрлик учун муҳтарам Президентимизга миннатдорчилик билдиришди. Болажонлар вилоят раҳбари қўлидан Янги йил совғалари олишди.