Хонадонларга ёрдам пуллари ва янги йил совғалари билан

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш мамлакатимизда ҳамиша эътиборда. Айниқса, бу тамойил турли байрамлар муносабати билан ташкилланиши янада қувончли.

Президентимизнинг қарори ижросига кўра, Янги йил байрами олдидан Тўрақўрғон туманида 96 нафар “Темир дафтар”да рўйхатга олинган фуқароларга 76 миллион 800 минг сўм, 966 нафар боқувчисини йўқотганлик ва 855 нафар 18 ёшгача болаликдан ногиронлик нафақасини олувчиларга 1 миллиард 456 миллион 800 минг сўм миқдоридаги пул маблағлари топширилди.

Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова, ҳоким ўринбосарлари, сектор раҳбарлари ҳамда бошқа мутасаддилар Қорбобо ва Қорқиз ҳамроҳлигида Президентимизнинг Янги йил табригини ўқиб бериб, рўйхатдаги оилаларга пул маблағлари, байрам совғалари етказишди.

-Турмуш ўртоғим икки марта оғир операцияни бошдан кечирди. Худога шукур, уйга қайтди. Тўғриси, бор-бурдимизни сарфлаб турганимизда Президентимизнинг совғалари жуда асқотди. Байрам дастурхонимиз ҳам тўкин бўладиган бўлди. Миннатдормиз, инсон қадри улуғланган шу юртда яшаётганимизга минг бор шукур,-дейди “Шарқ” маҳалласида яшовчи Азимжон Ваққосов.