ТЎРАҚЎРҒОНДАГИ ЙИРИК САНОАТ КОРХОНАСИНИНГ ИККИНЧИ НАВБАТИ ИШГА ТУШДИ

Шу муносабат билан ташкилланган тадбирда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этди.

-Оқтош шаҳарчаси азалдан саноат маскани бўлиб келган. Президентимиз томонларидан республикамизнинг барча ҳудудларида саноатни ривожлантириш, модернизация ва диверсификация қилиш, янгидан-янги корхоналарни барпо этиш ҳамда маҳсулотларнинг сифат даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли ҳудуд ўз мақомини тикламоқда,-деди вилоят раҳбари.

“OQTOSH TEKSTIL” МЧЖ корхонаси 2017 йилнинг февраль ойида қурилиши бошланиб, момиқ сочиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини 3 та босқичда амалга ошириш ҳамда 22 млн.доллар инвестиция маблағлари сарфлаш ва 1800 нафар янги иш ўринларини яратиш режалаштирилганди.

Ҳозирга қадар 19 млн.доллар маблағ (шундан14,5 млн.долл. маҳаллий тадбиркор, 4,5 млн.долл. банк кредити) жалб этилиб, лойиҳанинг 1 ва 2-босқичи ишга туширилди ва 800 та доимий янги иш ўринлари яратилди.

Корхонанинг 2-босқичи ишга тушиши натижасида йилига 5,2 минг тонна жаҳон стандартларига мос ва импорт ўрнини босувчи ҳар-хил турдаги момиқ сочиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилди ва йиллик 10 млн.долларгача тайёр маҳсулотлар экспорти амалга оширилади.

Тадбирда бир гуруҳ фидоий ишчиларга Янги йил байрами муносабати билан қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.