ТУМАН МАРКАЗИДА ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМИ унда туман аҳолисининг барча қатлами иштирок этди

Бош арчамиз қад ростлаган майдонда эрталабдан байрам шодиёналари бошланди. Қорбобо, Қорқиз, эртак қаҳрамонлари барчани хурсандчиликка чорлади.

Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова Янги йил табригини йўллар экан, “тарих зарварақларига кузатиб қўйилаётган 2021 йилда меҳнатда чиниққан, мард ва саботли халқимиз билан олдимиздаги барча соҳаларда режаларни уддалашга эришдик. Йил давомида “Инсон қадри” тамойилига амал қилиб, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилаш, кам таъминланган оилаларга эътибор қаратиш асосий фаолиятимиз марказида бўлди. Шу билан бирга тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш учун бор имкониятларни ишга солдик. Кириб келаётган 2022 йилда режаларимиз бундан-да кенг қамровли”, дея самимий тилакларни билдириб ўтди.

Байрамда эл суйган хонанда Жалолдин Усмонов, туман маданият бўлимининг санъаткорлари концерт дастурини намойиш этишди.

Болажонларга байрам совғалари улашилди, йил давомида спортда катта муваффақиятларга эришган ёшлар алоҳида тақдирланди.