Халқ депутатлари Тўрақўрғон тумани кенгашининг сессияси бўлиб ўтди

Уни туман ҳокими, Халқ депутатлари туман кенгаши раиси Зулайҳо Маҳкамова олиб борди.

Кун тартибидаги асосий масала “Наманган вилояти Тўрақўрғон туманининг 2022 йил учун маҳаллий бюджети тўғрисида” туман молия бўлими мудири Умиджон Ахмедходжаевнинг маърузаси тингланди.

Айтиб ўтилганидек, 2022 йилда туман бюджети маҳаллий даромадлар 79 миллиард 507 миллион 284 минг сўм, юқори бюджетдан трансфертлар миқдори 156 миллиард 592 миллион 328 минг сўм, ҳаражатлар эса 236 миллиард 99 миллион 612 минг сўмдан иборат бўлади.

Ўтиб бораётган 2021 йилда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, жумладан, йўлларни ободонлаштириш, ичимлик суви, электр энергияси таъминотини яхшилаш бўйича катта ишлар амалга оширилди. 2022 йилда ҳам бу ҳаракатлар изчил давом эттирилади. Энг чекка ҳудудларга эътибор қаратилади. Шу билан биргаликда тадбиркорлик, оилавий бизнесни янада кучайтириш, хонадонларда томорқадан самарали фойдаланиш, чорвачилик, ҳунармандчилик, боғдорчиликни ривожлантириш борасида белгиланган тартибда кўмаклашилади.

Сессияда, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун жисмоний ва юридик шахслар бўйича мутлоқ миқдорда белгиланган базавий солиқ ставкасига киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффицентларни тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Ҳар икки масала юзасидан тегишли қарорлар депутатлар томонидан тасдиқланди.