АДОЛАТЛИ, ШАФФОФЛИКДА ИШЛАЙЛИК, ОДАМЛАР ИСЛОҲОТЛАР САМАРАСИНИ СЕЗСИН

Муҳтарам Президентимиз томонидан 2022 йил “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб эълон қилинди. Демак, жорий йилда аҳоли манфаатлари йўлида янада кўпроқ ишлар амалга оширилади. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларга кенгроқ аҳамият берилади.

Янги йилнинг дастлабки кунлариданоқ аҳолини хатловдан ўтказишга киришилганининг сабаби ҳам шунда. Айниқса, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” бўйича берилган имкониятларни ҳақиқий муҳтожларга жорий этиш ўта муҳим.

Бугун тумандаги барча секторларда маҳалла мутасаддилари, ҳоким ёрдамчилари иштирокида хатлов ўтказиш тартиблари мавзусига бағишланган йиғилишлар бўлиб ўтди.

-Хатлов шунчаки хонадонларга кириб чиқиш эмас, оилаларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаб ўрганишдир,-деди 1-секторда туман ҳокимининг 1-ўринбосари Элёржон Турғунов.- Бу борада адолатли, шаффофликда ишлайлик. Олиб борилаётган ислоҳотларга фуқаролар иқрор бўлиши керак. Кимки таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик қилса, фаолиятига ўша заҳоти баҳосини берамиз.

Шундай йиғилишлар туман прокурори, ички ишлар бўлими раҳбарлигидаги секторларда ҳам бўлиб ўтди. Туман ДСИ бошлиғи бошқарадиган 4-секторда эртага ташкилланади.