Бугунги амалга оширилаётган ишлар эртага натижасига қараб баҳоланади

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев Тўрақўрғон туманида ижтимоий соҳа йўналишлари фаолиятининг бугунги кундаги аҳволини ўрганди.

Тумандаги “Баркамол авлод” болалар ижодиёт марказида барча умумтаълим мактабларидан 850 нафар ўқувчилар тил ўрганишдан тортиб, техник, бадиий ижодиёт, туризм ва экология йўналишларида 30 турдаги тўгаракларга фаол қатнашишади. Айниқса, қишки таътил давом этаётган шу кезларда улар янада фаоллашган. Ғуломжон Муродхўжаев болаларнинг ўз қизиқишлари бўйича билим даражаларини янада оширишлари учун қўшимча имкониятларни тавсия этди.

13- ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби бу йилдан хорижий тилларни чуқурлаштириб ўргатиш учун мақом олди. 30 ўқувчидан иборат алоҳида синфда энг маҳоратли ўқитувчилар дарс беришмоқда. Кейинги йилларда синфлар сонини кўпайтириш, шу орқали иқтидорли ўқувчиларни саралаш режалаштирилган.

Ғуломжон Муродхўжаев туман тиббиёт бирлашмасида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, иссиқлик тизимининг ишлаши, вакцинациялашнинг бориши билан танишди. Бу ерда босқичма-босқич барча бўлимлар мукаммал реконструкция қилинмоқда. Беморлар турли текширувлар учун вилоят марказига боришларига асло ҳожат қолмади. Фақат бирлашманинг ташқи тарафларида қилинадиган ишлар бор, масалан, худудни девор билан ўраш, бўш турган майдонларни ободонлаштириш зарур.

Навбатдаги манзил Қўшқайрағоч маҳалласи бўлди. 140 нафар болалар тарбияланаётган 17-МТМни реконструкция дастурига киритиш, муассасасининг қиёфасини ўзгартириш лозим. “Саховат”, “Асалой” номли оилавий нодавлат боғчалар фаолияти эса намунали деб топилди.

Ўрганиш натижалари туман маданият марказида ижтимоий соҳа раҳбарлари билан ўтказилган йиғилишда таҳлил қилиниб, вазифалар белгилаб берилди.