Тўрақўрғонлик тадбиркор “Агробизнесни ривожлантириш жамғармаси”нинг танловида 29 минг долларлик грантни қўлга киритди.
Яндама маҳалласида яшовчи Абдуғаффор Ҳақназаров ишбилармонлик фаолиятини балоғат ёшиданоқ бошлаган. Ҳозиргача Америка, Ҳиндистон, Москва, Тожикистон каби кўплаб давлатларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича малака оширган.
Унинг 500 тонналик музлаткич омборида кузда жамғарилган 240 тонна уруғлик картошка, 20 тонна ҳурмо, 60 тонна саримсоқпиёз, 1,5 тонна анор, 200 килограмм булғор қалампири сақланмоқда, бу маҳсулотлар ички бозоримизда сотилиб, нарх-наво мўътадиллигини таъминлашда кор келяпти.
Ҳамиша изланувчан, тиниб-тинчимас йигит USAID Халқаро Тараққиёт агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган 5 йиллик “Агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси” доирасидаги танловда иштирок этиб, 29 минг доллар грантга эга бўлди.
-Лойиҳамдан яна 400 тонналик музлаткич-омборхона қуриш, мева қадоқлаш, экспортга чиқариш, 50 кишини мавсумий иш билан таъминлаш ўрин олган. Қурилиш ишларини бошладик, насиб этса шу йилнинг ёзида асосий фаолиятга ўтамиз,-дейди Абдуғаффор Ҳақназаров.