ТЎРАҚЎРҒОНДА ОДИЛ АҲМЕДОВНИНГ МУНОСИБ ШОГИРДЛАРИ ТАЙЁРЛАНЯПТИ
Наманганнинг оддий бир қишлоғидан чиқиб, Ўзбекистоннинг спорт юлдузига айланган Одил Аҳмедов ташкил этган Тўрақўрғондаги «Одил жуниор» футбол мактаби шуҳрат қозониб бормоқда.
- Биз республикамизнинг турли шаҳару қишлоқларида ўтказиладиган мусобақаларга борамиз. Ўйинларни кузатамиз ва кўзга яққол ташланган иқтидорли ўсмирларни ўзимизга таклиф этамиз, - дейди мураббий Қаҳрамон Муҳаммаджонов.
2009 йилда туғилган ва айни кунда мактабда тарбияланаётган 22 нафар ёшларга хусусий муассаса бўлишига қарамасдан, ҳамма нарса текин. Болаларнинг истеъдоди чинакамига юзага чиқиб, маҳорати ошгач эса турли спорт клублари ва академияларга уларни ўзларига олиш таклифлари берилади.
Бу ерда санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилинади. Айниқса, ҳозирги КОВИД-19 пандемияси хавфи ортиб бораётган бир пайтда умумфойдаланишдаги жиҳоз ва буюмларни ўз вақтида зарарсизлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
«Одил жуниор»да бирламчи муваффақиятлар ҳам қўлга киритиляпти. Ўтган йили 2009 йилда туғилганлар ўртасида ўтказилган футбол бўйича водий биринчилигида энг юқори ўрин эгалланди. Қолаверса, ўзига хос нуфузга эга - Тошкент шаҳар чемпионатида, республика терма жамоалар биринчилигида ҳам арзийдиган натижаларга эришилди.
Яна бир эътиборли томони, замонавий ўйингоҳларга эга футбол мактабида турли вилоятлардан келган ёшлардан ташқари, 60 нафарга яқин маҳаллий ўсмирларнинг ҳам спорт билан мунтазам шуғулланишлари ва маҳоратларини оширишлари таъминланмоқда.