Фуқаролар бугунги ҳаётдан рози бўлишлари йўлида...
Республика ишчи гуруҳи Тўрақўрғонда олиб борган ўрганишлари ҳақида
Ўрганиш туман марказий деҳқон бозоридан бошланди. Бу ерда гўшт 55 минг сўм, тухум 800 сўм, гуруч 7-8 мингдан сотиляпти. Нархлар арзон бўлгани учун харидорлар ҳам гавжум. Мева, сабзавот, резаворлар аҳоли томорқасида етиштирилиб, омборларга жойлангани учун пешма-пеш савдога чиқяпти. Бозор омборида эса картошка, пиёз, сабзи, саримоқпиёз, гуруч заҳира қилинган.
Қиш фаслида табиий газ билан таъминланмаган аҳолига энг зарури бу суюлтирилган газ баллонларининг ўз вақтида етказиб берилишидир. “Тумангаз” корхонаси томонидан кунига 1000 дона газ баллонлари маҳаллама-маҳалла юриб тарқатиляпти. Ўша жойнинг ўзида тўлов махсус пластик картадан ечиб олиниши, газ миқдори тарозида тортилиб, ўрнатиб берилаётганидан одамлар мамнун.
Ишчи гуруҳи Истиқлол, Боғишамол, Хўжанд, Бекобод, Тошкент, Яндама каби маҳаллаларда бўлиб, томорқадан самарали фойдаланиш, оила даромадларини ошириш бўйича ибратли ишларга гувоҳ бўлишди.
Шу билан бирга ички йўлларни ободонлаштириш, электр таъминотини яхшилаш, банкоматлар фаолияти изчиллиги, кам таъминланган оилалардан хабар олиш каби масалалар ҳам кузатилди.
Аҳоли билан суҳбатларда аён бўлдики, одамлар аввало юртимизда тинчлик ҳукмронлиги, инсон қадри улуғланаётганлиги учун шукроналикда яшашмоқда.