бунинг учун улар маҳалланинг энг яқин кўмакчисига айланиши зарур

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиларини фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорига кўра, ҳар бир маҳаллада шундай лавозимлар жорий этилди.

Хўш, уларнинг қандай вазифа ва ваколатлари бор? Гулқишлоқ маҳалласида ташкилланган семинар шу мавзуга бағишланди. Унда туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова, сектор раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси мудири Лазизбек Собиров иштирок этишди.

Туман раҳбари таъкидлаб ўтганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда маҳалла тизимига алоҳида эътибор қаратилди. Биргина туман миқёсида 40 дан ортиқ МФЙ бинолари янгиланди, зарур жиҳозлар ажратилди. Аҳолининг турмуш тарзи яхшиланиши учун катта маблағлар йўналтирилди. Янги ташкил этилган ҳоким ёрдамчилари эса худудда иқтисодий масалаларни адолатли ҳал этилишида асосий ўрин тутади. “Хонадонбай” сўровлар ўтказиш орқали маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш “портрети”ни ишлаб чиқиш, маҳалланинг ихтисослашуви ва ўсиш нуқталаридан келиб чиққан ҳолда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш чораларини кўриш, ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, ишга жойлашиш истагини билдирганларнинг бандлигини таъминлаш ва аҳолини ўзини ўзи банд қилишга кўмаклашиш каби бир қатор вазифалари белгиланган.

Гулқишлоқ маҳалласига бириктирилган икки ҳоким ёрдамчилари фаолияти мисолида амалга оширилиши лозим ишлар кўлами айтиб ўтилди.

Тўрақўрғонда “Ҳоким ёрдамчиси инсон қадри ва фаровон ҳаёт учун” ҳамда “Тўрақўрғонни камбағаллик ва ишсизликдан ҳоли худудга айлантирамиз” шиорлари остида ҳаракат бошланди. Унинг дастлабки самараси яқин кунларда намоён бўлади, албатта.