Вилоят прокурори, 2-сектор раҳбари Жаҳонгир Ҳатамов Тўрақўрғонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ўрганди
Тумандаги 67 та маҳаллада фаолият бошлаган ҳоким ёрдамчилари 42771 та хонадонни ҳатловдан ўтказишга киришган бўлиб, бугунги қадар 3765 таси ўрганилди ва сўровнома асосида маълумотлари шакллантирилди.
Вилоят прокурори туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова ҳамроҳлигида Бураматут маҳалласида ҳоким ёрдамчиси Ўктамжон Бойбобоев билан суҳбатда бўлди. Бу ерда 547 та хонадон бўлиб, оилаларнинг аксарияти боғдорчилик, кўчатчилик билан машғул. Шу билан бирга паррандачилик, асаларичилик, ошланган теридан камарлар тайёрлаш бўйича илғор тадбиркорлар бор. Уларнинг тажрибаси ишсиз аҳоли ўртасида тарғибот қилиняпти, мақсад ўзини ўзи банд қилувчилар сонини кўпайтириш.
Жаҳонгир Ҳатамов мазкур маҳаллада яшовчи Нурмуҳаммад Зокиров хонадонидаги йилига 30 миллион сўм қўшимча даромад манбаи сифатида йўлга қўйилган иссиқхонани бориб кўрди. Оила иссиқхонадан йилига уч марта ҳосил олишади, чорва ҳайвонлари боқишаётгани учун маҳаллий ўғит томорқанинг самарадорлигини оширяпти.
Ўрда маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Мақсуджон Усмонов ўзи тадбиркор бўлгани учун аҳоли билан ишлашни дадил бошлаган. 150 дан ортиқ хонадон эгаларининг турмуш тарзи, қизиқишлари, муаммоларини ўрганиб, керакли тавсияларни берди. Айниқса, ажратиладиган кредит ва субсидиялардан самарали фойдаланиш йўл-йўриқларини тушунтира билмоқда.
Вилоят прокурори ҳоким ёрдамчиларига Президент вакиллари сифатида астойдил, ғайрат ва маҳорат билан ишлаш лозимлигини яна бир бор уқтириб ўтди.