ЗАМОНАВИЙ БИЛИМ ВА ФАОЛ ҲАРАКАТ БИЛАНГИНА МАҚСАДГА ЕТИШ МУМКИН

Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова ёшлар билан учрашувда шу иборага урғу берди

“Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида мукаммал таъмирдан чиқарилган 22-мактабда ташкилланган учрашувга барча маҳаллалардан ёшлар таклиф этилдилар.

Учрашув аввалида туман раҳбари бугунги қайноқ ҳаётда кечаётган жараёнлар, янгиликлар, ислоҳотлар мазмун-моҳиятига кенг тўхталди. Ҳақиқатан ҳам ёшлар мустақил ҳаётга бирор чет тилини ўрганиб ва ҳунарли бўлиб қадам қўйишлари лозим. Акс ҳолда турли муаммолар гирдобида қолаверадилар. Шу ҳолатга тушмаслик учун маҳаллаларда иш бошлаган ёшлар масалалари бўйича вилоят ҳокимининг ҳамда иқтисодий масалалар бўйича туман ҳокимининг ёрдамчиларидан фойдаланиш зарур. Яккатом маҳалласида фаолият бошлаган ёшлар бўйича ёрдамчи Жамолхон Акромхонов фикрлари мисолида бу ҳақда иштирокчиларга тўлиқ маълумот берилди.

Учрашувда туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамовага турли масалаларда мурожаатлар бўлди. Жумладан, Умаржон Юнусалиев, Абдураҳим Тўхтахўжаев, Муҳаммадали Комилжонов, Садоқат Каримова каби ўндан ортиқ ёшлар ишга жойлашиш бўйича ёрдам сўрашди. Туман бандликка кўмаклашиш марказида ҳозирда 937 та бўш иш ўринлари рўйхати мавжуд бўлиб, мурожаатчиларга танишиб чиқиш тавсия этилди.

Республикамизнинг турли вилоятларида жойлашган олийгоҳларда ўқиётган йигит-қизлардан 5 нафари контракт пулларини тўлашда кўмак сўрашди. Зулайҳо Маҳкамова албатта, уларнинг оилавий шароитларини ўрганиб чиқилишини билдириб, шу билан бирга талабаларга уйларида кичик тадбиркорлик билан шуғулланишлари, иссиқхона, паррандачилик, чорвачилик, кўчатчиликка киришиб, даромад топиш ҳаракатида бўлишларини мисоллар орқали тушунтирди.

Бугун давр шиддатли. Замонавий билимга эга, фаол ҳаракатда бўлган инсонгина олдига қўйган мақсадларига эришиши мумкин. Бунинг учун барча шароитлар етарли. Фақат вақтни қадрлаб, ўрганиш, изланиш, меҳнат қилиш орқалигина уларга етишиш мумкин.