Тўрақўрғонда иккита маҳалла янада обод бўлади

Куни кеча вилоят ҳокимлигида шаҳар ва туманлар сектор раҳбарлари, энг шароити оғир маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, коммунал соҳа раҳбарлари ҳамда тегишли соҳа раҳбарлари иштирокида тақдимотлар ҳимояси бўлиб, унда, жумладан, Тўрақўрғондаги Хўжанд ва Ахси маҳаллалари ҳам шундай тоифага киритилганди.

Ҳар икки маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари ҳудудларидаги мавжуд муаммоларни ўрганиб чиқишди. Жумладан, Хўжандда ичимлик суви бўйича 1 та тик қудуқ қазиш, 14,2 километр тармоқ тортиш, 15,3 километр йўлларни таъмирлаш, электр энергияси бўйича 1 та трансформатор ва 110 та темир-бетон таянч ўрнатиш, 3,9 километр ҳаво тармоғи тортиш, 20-мактаб ҳамда 34-МТМ биноларини таъмирлаш ишлари амалга оширилиши зарур.

Бугун Хўжанд маҳалласида ана шу ишларнинг дебочаси сифатида вилоят ва туман электр тармоқлари корхоналари томонидан ҳаракатлар бошлаб юборилди. Ахси ва Боғибаланд кўчаларига ўрнатиш учун 26 та темир-бетон таянчлар келтирилди.

"Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" акциядорлик жамияти бош директори Жавлонбек Халилов ва туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова хонадонларни айланиб, ички тармоқларни ҳам тартибга солиш, хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиш бўйича тавсиялар беришди.