Ҳоким ёрдамчиси билан бир кун...
Фаолиятининг дастлабки ойида иқтисодий масалалар бўйича тайинланган ҳоким ёрдамчиларининг аксарияти зиммасига юкланган вазифаларни бажаришга астойдил киришиб кетди. Улардан бири Истиқлол маҳалласида ишлаётган Хайрулло Ҳикматов.
Асли мутахассислиги бўйича қурувчи-педагог бўлган Хайруллонинг етакчилик қобилияти аввалдан намоён. Шу боис қисқа вақт ичида маҳалла аҳолиси билан тил топиша олди. 2460 нафар аҳоли истиқомат қиладиган 521 та хонадонга бирма-бир кириб чиқяпти. Худуднинг ўсиш нуқтаси боғдорчилик ва ҳунармандчилик экани, ҳар бир хонадонда томорқани қадрлаб, ундан самарали фойдаланишнинг ҳадиси олингани ҳоким ёрдамчисига далда бўлди. Маҳаллада 20 дан ортиқ тадбиркор бор. Айниқса, Президентимиз эътиборлари туфайли аҳолининг ўзини-ўзи банд қилиши учун очилган равон йўллар фуқароларни янгиликларга қўл уришга даъват этяпти. Масалан, Илҳомжон Шерматов аҳолига томорқа хизмати кўрсатиш, Давронжон Саматов темирчилик устахонасини очиш, Олимжон Комилов қурилиш материаллари савдосини йўлга қўйишга ҳаракат бошлашди. Хайрулло Ҳикматов маҳалла ёшларидан бир гуруҳини куни кеча Қўқон шаҳридаги “Технологиялар дунёси” марказига олиб борганди, у ердаги замонавий ускуналарга анчагина йигитлар қизиқиб қолишди.
Ҳоким ёрдамчиси маҳалла раиси ва нуронийлар билан ҳамиша бамаслаҳат иш олиб боряпти. Сайёра Саматова оилавий нодавлат боғча очишга қўл урди. Анваржон Саматов ҳовлисида 4 та ҳар бири бир сотихдан иссиқхона қуриб, томчилатиб суғориш усулини йўлга қўйди. Иссиқхоналарда қулупной кўчатлари гуллаб, мева тугишга ўтяпти. Мастура Жўраева хонадонида иссиқхона, чорвачилик, биогомус тайёрлашяпти. Париқахон Жўраева эса маҳаллада яшовчи ишсиз хотин-қизларга чеварчилик ҳунарини ўргатяпти, яқиндагина улардан 5 нафарига мустақил ишлаш учун фотиҳа берди...
Ҳоким ёрдамчиси бизларни шу каби кўплаб хонадонлар билан таништирар экан, маҳаллада бирорта ишсиз фуқаро қолмагунча, оилаларнинг барчаси бой бўлмагунча ҳаракатни давом эттириши, бу борада мустаҳкам режага эга эканлигини баён этди.