Аёл бахтиёр яшаса, оила мустаҳкам бўлади, жамият эса шундай оилалар билан ривож топади

Аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш ўзбек халқига хос олижаноб хусусиятлардан биридир. Шу маънода Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш борасида давлат аҳамиятига молик тарихий ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, жамиятда сиёсий, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва тараққиёти аёлларга, ёшларга, оилага бўлган муносабат ва эътибор билан боғлиқ.

Вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази 2019 йилдан бери фаолият олиб боради ва ҳозиргача касб-ҳунар эгаллаш истагидаги 11 мингдан зиёд аёллар ўқитилди. Уларнинг аксарияти сертификатлар асосида имтиёзли кредитлар олиб, ўз бизнесларини йўлга қўйишган.

Тўрақўрғон туманида марказ томонидан айни кунларда “Аёллар дафтари”нинг 3-босқичига рўйхатга олиниши режалаштирилган 205 нафар хотин-қизлар иссиқхона фаолияти, тикувчилик, қандолатчилик, тадбиркорлик бўйича ўқитилмоқда.

Вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Ирода Қўчқорова касб-ҳунарга интилаётган тўрақўрғонлик аёллар билан суҳбатда бўлиб, бугунги тараққиёт даврида бу зотнинг жамиятдаги ўрни янада мустаҳкамланиб бораётгани, улар оиланинг мустаҳкам ва фаровонлиги учун ҳаракатда эканликлари ҳақида гапирди. Иштирокчиларга янги мотивациялар берди.

Тадбир қатнашчилари марказ раҳбари Наргиза Ибрагимова етакчилигида таҳсил олаётганларга амалиёт ўташ учун имконият яратиб берган “Космос протекс” МЧЖ ва қандолатчи Қундузой Долимованинг иш жойларида ҳамда “Озод” маҳалласида чорвачилик, иссиқхона, паррандачилик билаш шуғулланаётган, ойига 15 миллион даромад топаётган Носиржон Азизов хонадонида бўлдилар. - Шу тариқа туманимизда “Аёллар дафтари”га олинган хотин-қизларнинг ҳар бири билан жиддий ишлаймиз. Биринчи ва иккинчи босқичда ҳам жами 5717 нафар аёлларни турли соҳаларга йўналтириб, ўз розиликлари билан дафтардан чиқардик,-деди туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова.