Мактаб таълими: вазифалар, талаб ва таклифлар уйғунлиги самарадорлиги сари
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълимини ривожлантириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида таълим сифатини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш бўйича катта ислоҳотлар бошланиши билдирилди.
-Таълим-тарбия – бу бизнинг келажагимиз, ҳаёт-мамот масаласи. Шу боис, бу соҳадаги ислоҳотларни кечиктиришга ҳаққимиз йўқ.Қанчалик мураккаб бўлмасин, мактаб таълимида пойдеворни бугундан мустаҳкам қўйишимиз керак,-деди Юртбошимиз.
Туман ҳокимлигининг мажлислар залида шу мавзуга бағишланган мулоқот бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова, айрим умумтаълим мактаблари директорлари, фаол муаллимлар, соҳа фахрийлари иштирок этишди.
Айтиб ўтилганидек, мактаб таълимини ислоҳ қилиш кенгашлари тузилиб, республика кенгашига шахсан Президентимизнинг ўзлари, туман ва вилоят кенгашларига эса ҳокимлар бош бўлади.
Йиғилишда туман халқ таълими бўлими мудири Файзулло Бозоров таълим муассасалари фаолияти ҳақида ахборот берди. Муваффақиятлар йўқ эмас, бор, аммо, фарзандлар келажагининг илдизи мактабга бориб тақаларкан, бугун янгиликларга интилиб, касбига садоқат билан ишламаган ўқитувчи билан кўзланган натижаларга эришиб бўлмайди.
1-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Лобархон Рустамова, 37-мактабдан Манзура Каримова, 17-ДИМИ директори Олимжон Банноев, 25-мактаб директори Баҳодир Исроилов, 8-мактаб муаллимаси Саида Одилова ва бошқалар томонидан мактаб таълимини ривожлантириш бўйича жўяли таклифлар билдирилди. Жумладан, бошланғич синфлар учун куни узайтирилган гуруҳлар ташкил этиш, мусиқа фани дарс соатларини кўпайтириш, тарбиявий сабоқларни миллий қадриятларни уйғунлаштирган ҳолда бериш, мумтоз адабиётимизни чуқурроқ ўқиш ва ўрганиш, юқори синф ўқувчиларини қизиқишларига қараб табақалаштирилган гуруҳларга ажратиш масалалари илгари сурилди ва ушбу таклифлар вазирликка ҳавола этилади.
Йиғилишда вазифалар ижросини таъминлаш бўйича Тўрақўрғон тажрибасини яратишга келишиб олинди.