Тўрақўрғонда яна бир маҳалла замонавий биносига эга бўлди
3457 нафар аҳоли яшайдиган Озод маҳалласи саховатпеша соҳибкор, деҳқону тадбиркорлари билан машҳур. Шу ерда яшовчи ишбилармон йигит Ҳамидулло Қодиров 210 миллион сўм маблағ сарфлаб, маҳалла учун давлат –хусусий шерикчилик асосида мўъжазгина янги бино қуриб берди.
Унинг очилиш маросимида сектор раҳбарлари, нуронийлар, ёшлар вакиллари иштирок этишди. Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова таъкидлаб ўтганидек, маҳалла бинолари мустаҳкам ва файзли бўлса, бу жойда Ватанни асраш, миллий қадриятлар, меҳр-оқибат, оилалар тотувлиги, халққа хизмат қилиш каби эзгу ғоялар жамланади ва тарбия ўчоғи сифатида хизмат қилади.
“Маҳалла” жамоат фонди вилоят бўлими томонидан берилган замонавий жиҳозлар, туман ҳокимлиги туҳфа этган 150 доналик китоб жамланмалари янги бинога кўрмана бўлди.
-Наврўз байрамигача яна учта маҳалла фуқаролар йиғинида шундай очилиш маросимларини ўтказамиз,-дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими раҳбари Шерзоджон Собиров.
Тадбирдан сўнг маҳалла ёшлари ўзаро футбол бўйича мусобақа ташкилладилар.