Тўрақўрғон тажрибаси: қишлоқ хўжалиги юмушлари ҳар йилгидан бир ой олдин бошланди
Ер юзидаги иқлим ўзгариши аввало она табиатда ўз аксини беради. Шунинг учун дала ишларини одатдагидай март ойида эмас, бугундан бошлаш тақозо этилмоқда.
Тўрақўрғон туманида вилоятда биринчи бўлиб ғалла парваришини кучайтириш, пахта экиладиган майдонларни тайёрлаш бўйича баҳорги ишлар бошлаб юборилди.
Шу муносабат билан вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Анваржон Ҳакимов туманда бўлиб, фермер хўжаликлари раҳбарларига энг долзарб юмушларни амалга ошириш бўйича тавсиялар берди.
-Энг аввало, ғаллага чилла сувини бериш, қўшимча озиқлантиришни жадаллаштириш керак,-деди Анваржон Ҳакимов.- барча хўжаликларда “Сувчилар уйи”ни ташкил этиш, уларга тунги суғоришда ишлашлари учун барча шароитни яратиб бериш керак.
Бу йил сув танқислиги кузатилиши эҳтимоли юқори. Шуни ҳисобга олиб ғаллачиликда 10 фоиз, пахтачиликда 30 фоиз майдонлар томчилатиб, ёмғирлатиб суғоришга мослаштирилади. Шунингдек, Президент кўрсатмалари билан эҳтиёжманд, ишсиз фуқароларга бериладиган ерлар ўрнини дала четларидан ер қўшиш ҳисобига тўлдириш, ҳосилдорликни ғаллачиликда 100, пахтачиликда камида 60 центнерга етказиш зарур. Бунинг барча имкониятлари етарли. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида фермерлар фаол иштирок этиб, ҳар бирлари 10 минг тупдан мевали, манзарали ва ток кўчатларини экиши талаб этилади.
Вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича оқсоқоллар гуруҳи раҳбари Мўминжон Абдураҳмонов, туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамовалар ҳам юқоридаги вазифалар юзасидан ўз тавсияларини беришди.