Ғаллачиликда зараркунандаларга қарши кураш долзарб юмуш
Мамлакатимизда етиштирилаётган ғаллани турли зараркунандалардан асраш долзарб масалалардан ҳисобланади. Наманган вилоят ҳокимлиги, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси вилоят бошқармаси ҳамкорлигида Тўрақўрғон туманида ташкил этилган кўргазмали семинарда Мингбулоқ, Чуст, Поп, Косонсой, Наманган туманларидан ҳам фермерлар, кластер раҳбарлари, агроном инспекторлар иштирок этишди.
Жорий йил ҳосили учун вилоятда 67750 гектар майдонда бошоқли дон экинлари парвариш қилинмоқда. Об-ҳавонинг илиқ келиши ғалла майдонларида бегона ўтларнинг тарқалиши, занг касаллиги ва зарарли хасва зараркунандалари тарқалиши хавфини оширди. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси вилоят бошқармаси агроном инспекторлари, энтомологлари томонидан ўтказилган мониторинглар асосида даладаги фитосанитар ҳолатни назорат қилиш мақсадида ғаллазорларга дала назорати белгилари ўрнатилмоқда. Эндиликда экинларни минерал ўғитлар билан суспензия қилишга тайёргарлик кўриш вақти келди. Бу буғдойнинг занг ва бошқа касалликларга чидамлилигини оширади, кўчатлар соғлом ва бақувват ўсади, ўсимлик учун фосфорли ва калийли минерал ўғитларнинг етишмайдиган миқдорини барги орқали бериш натижасида ҳосилдорликни ошириш имконияти яратилади. Кўргазмали семинарда нафақат ғаллачилик, балки пахтачилик, боғдорчиликда ҳам зараркунандаларга қарши курашиш бўйича мутахассисларнинг тавсиялари тингланди.