Ҳар шанба – Ёшлар куни бўлади
Ёшлар масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиларидан умид ҳам, ишонч ҳам катта. Уларнинг фаолияти туфайли жойларда ишсизлар, касб-ҳунарсизлар, келажагини ўзи таъминлашга интилмайдиган йигит-қизлар умуман қолмаслиги керак. Бундан ташқари бўш вақтлари ҳам мазмунга бой бўлсин.
1-сонли Тўрақўрғон касб-ҳунар мактабида ўтказилган навбатдаги семинарда етакчиларга шу вазифалар яна бир бор топширилди. Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова, туман прокурори Элёрбек Талабоевлар аниқ механизмларни кўрсатиб беришди. Яъни, ҳафтанинг ҳар куни навбати билан бир йўналишга, масалан, спорт, туризм, маданият, санъат, соғлом ҳаёт, кутубхона фаолиятига бағишланиши мақсадга мувофиқ. Ушбу тадбирларда мусобақалар, кўрик-танловлар, беллашувлар, саҳна кўринишлари, мушоиралар ўрин олади.
Шанба эса алоҳида Ёшлар куни бўлади. Бунда сиёсий-маърифат соатлари ўтказилиб, республикамиз ҳаётидаги энг муҳим воқеалар, меёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти билан танишилади. Ибратли кинофилмлар, роликлар намойиш этилади.
Етакчилар намуна сифатида бугуннинг ўзида ҳамюртимиз, тарихчи, ҳаттот, шоир, ношир Исҳоқхон Ибрат ҳаётига бағишланган “Ибрат” филмини томоша қилишди.