Гендер тенглигини таъминлаш-жамиятимизга хос тартиб
Ривожланган жамиятнинг талабларидан бири бу эркак ва аёл ҳуқуқлари тенглигининг таъминланишидир. Гендер тенглиги ҳар икки жинс вакилларининг ўз орзу ва мақсадлари сари дадил одимлаши, ҳаёт сифатини ошириш учун бир хил имкон бериш кераклигини илгари суради.
Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва Гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Маҳмуджон Парпиев Тўрақўрғондаги ижтимоий мослашув маслаҳат марказида бўлди.
Ушбу туманга қўшимча Поп, Чуст, Мингбулоқда яшовчи фуқароларга хизмат кўрсатувчи марказга ўтган йили 347 та мурожаат келиб тушган. Тиббиёт, бандлик маркази, халқ таълими, расмий дин вакиллари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, тажрибали нуронийлар ёрдамида мурожаатларнинг асосий қисми ижобий ечим топган.
Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова қўмита раиси ўринбосарига хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ва режалар ҳақида гапириб берди. Айтиб ўтилганидек, бугун аёлларнинг дунёқараши, фикрлашуви ижобий томонга ўзгарган. Улар жамият ҳаётидаги ўрниларини мустаҳкамлашга янада интилишяпти.
Маҳмуджон Парпиев қўмита томонидан бу борада қонунларни мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган ҳаракатлардан хабардор қилди. Мулоқотда сиёсий партиялар вакиллари, фаоллар, марказ мутасаддилари ўз таклиф-мулоҳазаларини билдиришди.






