Тиббий кўрик, 66 турдаги бепул дори-дармон, рақамлаштирилган дастур: буларнинг бари ҳаёт давомийлиги учун!
Бугун туман тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли поликлиникаси шифокорларидан иборат гуруҳ навбатдаги манзил-чекка ҳудудлардан бири Соҳилобод оилавий шифокорлик пунктида Оқтош, Соҳибкор, Юқори Мўғултой, Катта Қурама маҳалларининг 11074 нафар аҳолисини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишга келишди. Терапевт, кардиолог, окулист, невропатолог, акушер-гинеколог, педиатр кун давомида жами 196 нафар фуқароларни қабул қилдилар.
Булар шунчаки кўрик эмас, балки аниқланган хасталиклар бўйича назоратни давом эттириш демакдир. Мазкур маълумотлар рақамлаштирилган дастур орқали Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги марказда рўйхатга олинади. Бундан ташқари, шифохонанинг ўзида 66 хил турдаги қон босимини меъёрлаштирувчи, ошқозон-ичак, нафас йўллари, шамоллаш хасталикларини даволашга асосланган дори-дармон аҳолига бепул берилмоқда. 9-23 ойлик оралиғидаги болажонларга эса витамин етишмовчилигини бартараф этувчи витаминлар келтирилган.
Поликлиника раҳбари Абдурасул Икромиддиновнинг айтишича, ҳозиргача 15 та даволаш муассасаларидан 7 тасида ўз ҳудуди бўйича шундай текширувлар ўтказилди. Аҳоли ўртасида ҳамон юрак-қон томирлари ва қанд касалликлари кўпроқ учрамоқда. Шунинг учун соғломлаштириш тавсияларини бериб, спорт билан шуғулланиш, вақтида дам олиш, шифокорларнинг кўрсатмаларини бажариш тарғибот қилиняпти.
Президентимиз раҳбарликларида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун олис қишлоқларда яшаётган одамлар олдига бориб, кўриклар ўтказишнинг амалий намунаси туманимиз миқёсида шундай ташкил этилмоқда.