Маълумки, февраль-март мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш долзарб икки ойлиги деб эълон қилиниб, унинг доирасида турли тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Тўрақўрғон тумани маданият марказида ташкилланган кенг қамровли сайёр қабулда аёлларнинг мурожаатларини тинглаш учун адлия ва суд органлари, ички ишлар, юридик марказ ва мажбурий ижро бюроси вакиллари ҳозир бўлдилар.
Дастлаб туман маданият бўлими санъаткорлари тадбир иштирокчиларига яхши кайфият улашиб, концерт дастури намойиш этишди. Сўнгра вилоят Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Наима Ядгарова, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди судлов ҳайъати судяси Умида Солиева, Тўрақўрғон тумани ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Шоҳистахон Қамбаровалар аёллар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган ҳаракатлар ҳамда эришилаётган натижалар ҳақида сўзладилар.
Мурожаатчилар уй-жой, алимент, туғилганлик гувоҳномаси, яшаб турган хонадонлари учун ҳоким қароридан нусха олиш, доимий рўйхатда турган манзилларига мажбурий киритиб қўйиш каби масалалар билан ҳуқуқ ҳимоячиларига юзландилар. Уларга тегишли тартибда йўл-йўриқ ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
-Ҳамиша жафокаш, оилалар устуни, фарзанд тарбиясига масъул аёлларимиз бугунги ҳаётларидан рози бўлиб яшашлари учун ёрдамга доимий тайёрмиз,-дейди туман адлия бўлими бошлиғи Фароғатхон Раззоқова.-Зеро, бугунги куннинг талаби ҳам шундай!