Тумандаги дафн этиш жойларини сақлаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Қонунининг 15-моддасини, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 4 апрелдаги “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақидаги 101-сон қарорини ижросини таъминлаш мақсадида “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6, 25-моддаларига асосан,

Қ А Р О Р      Қ И Л А М А Н:

  • Тўрақўрғон ободонлаштириш бошқармасининг 2022 йил 28 январдаги 14-сонли хати маълумот учун қабул қилинсин.
  • Тўрақўрғон туманида дафн этиш жойларини сақлаш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  • Тўрақўрғон туман ободонлаштириш бошқармаси, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими ҳамда экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўлими ва туман қурилиш бўлими:

тумандаги барча қабристонларда дафн этиш жойларини сақлаш қоидаларини бир хилда ижро этилишини;

мазкур қоидаларда белгиланган нормаларни аҳоли ўртасида кенг ёритилиши таъминлансин.

  • Мазкур қарор туман ҳокимлигининг “Давр” газетасининг навбатдаги сонида расман эълон қилинсин ва бир кун муддатда туман ҳокимлигининг ахборот хизмати расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
  • Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
  • Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари А.Тўраев зиммасига юклатилсин.

ИЛОВА: 1

 

Тўрақўрғон туманида дафн этиш жойларини сақлаш қоидалари

  • Умумий қоидалар
  • Тўрақўрғон туманидаги дафн этиш жойларини сақлаш қоидалари (кейинги ўринларда – Қоидалар) тумандаги барча дафн этиш жойларини (кейинги ўринларда – қабристон) белгиланган тартибда сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
  • Қабристонларни ободонлаштириш, сақлаш ва улардан фойдаланиш, дафн этиш хизматлари кўрсатиш бўйича бевосита фаолият Ободонлаштириш бошқармаси томонидан туманнинг маҳаллий аҳолиси, шунингдек бошқа миллатлар ва халқларнинг мавжуд анъаналари, урф-одатлари ва удумларига мувофиқ амалга оширилади.
  • Қабристонларни сақлаш
  • Тумандаги барча қабристонлар Тўрақўрғон туман ҳокимлигининг бевосита тасарруфида бўлиб, ҳокимликка қабристонларни зарур даражада сақлаш ва ободонлаштириш мажбурияти юкланади.
  • Тумандаги қабристонларни ободонлаштириш объектларини сақлаш ва улардан фойдаланиш, дафн этиш хизматлари кўрсатиш бўйича бевосита фаолият Тўрақўрғон туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан амалга оширилади.
  • Ҳар бир қабристон қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган меъёрлар бўйича тегишли ходимларга эга бўлиши керак.
  • Тумандаги қабристонларни ободонлаштириш, мукаммал ва жорий таъмирлаш, уларни зарур даражада сақлаш маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилиб, харажатларнинг алоҳида моддаси бўйича маблағлар ажратилади.

Гўр қазиш ва маросим хизматлари бўйича ишчиларга эга бўлиш кўрсатилган пулли хизматлар учун аҳолидан тушган маблағлар ҳисобидан, вилоят ёки Тўрақўрғон туман ҳокимининг тегишли қарори билан белгиланадиган тарифлар бўйича амалга оширилади.

Шунингдек, қабристонларни сақлаш ва ободонлаштиришда юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий хайр-эҳсонларидан фойдаланилади.

Қабристонларни ободонлаштириш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кўмагида ҳашар йўли билан ҳам амалга оширилиши мумкин.

  • Қабристонга асосий кириш жойида (ички томонида) қуйидагилар ўрнатилган бўлиши керак:

маъмурий ва бошқа бинолар, йўллар, хиёбонлар, тарихий ва мемориал қабрлар, жамоат ҳожатхоналари ва бошқа объектларнинг жойлашиши белгиланган ҳолда қабристоннинг схематик тархи;

қабристоннинг иш жадвали (зиёрат қилиш қоидалари) ва бошқа йўл-йўриқ ҳужжатлари қўйилган тахта;

манзиллари ва алоқа боғлаш телефонлари кўрсатилган ҳолда Тўрақўрғон туман ободонлаштириш бошқармаси ва қабристон маъмурияти тўғрисидаги маълумотлар.

  • Туман ободонлаштириш бошқармасининг таклифига асосан тумандаги барча қабристонлар зиёратлар ва дафнлар учун баҳор ва куз ойларида ҳар куни соат 06:00 дан 19:00 гача, ёз ойида ҳар куни соат 05:00 дан 20:00 гача, қиш ойида 07:00 дан 18:00 гача очиқ ҳисобланади.

Тумандаги қабристонларни очиш ва ёпиш вақтларини уларнинг диний конфессия ва маҳаллий анъаналарга мансублигига боғлиқ ҳолда туман ободонлаштириш бошқармасининг таклифи асосида ўзгартирилиши мумкин.

  • Қабристонлардаги қабрлар ва бошқа жойларга турли хил зарар етказилишини олдини олиш мақсадида тумандаги барча қабристонларга 7 ёшга тўлмаган болалар фақат ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (васий, ҳомий, патронат ва бошқалар) ёҳуд бошқа вояга етганлар ҳамроҳлигида киритилади.
  • Қабристон ҳудудида қуйидагилар таъқиқланади:

жамоат тартиби ва сокинликни бузиш;

маст-аласт, гиёҳвандлик ва бошқа хил кайфлар ҳолатида бўлиш;

қабр усти ёдгорликларига ва яшил ўсимликларга шикаст етказиш;

қуруқ ўт, барг, шох-шабба ва дарахтларнинг шохчаларини ёқиш;

мол ва бошқа уй ҳайвонларини боқиш;

мевали кўчатлар ўтқазиш;

қишлоқ хўжалиги экинлари ўстириш.

  • Тумандаги барча қабристонларда қабристон маъмурияти томонидан қуйидагилар юритилиши керак:

қабрларни рўйхатдан ўтказиш ва қабр усти ёдгорликларини рўйхатдан ўтказишнинг рақамланган ва ип билан тикилган дафтарлари;

ҳужжатлар тикиб қўйиладиган йиғмажилд.

Дафн этишни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган барча ҳужжатлар белгиланган тартибда тикилиши ва сақланиши керак.

  • Туман ободонлаштириш бошқармаси ва қабристонларнинг маъмурияти қуйидагиларни таъминлаши шарт:

қабристон ҳудудида зарур даражадаги тартибни таъминлаш ва мазкур Қоидалар ҳамда бошқа қонун ҳужжатларининг талабларини қатъиян бажариш;

бош хиёбон, асосий ва иккинчи даражали йўлларда тўсиқсиз юриш ва ўтиш имкониятини (қордан тозалаш, музни парчалаш, қум сепиш ва шу кабиларни) таъминлаш;

эскирган (қуриган) дарахтларнинг ағдарилиши ва қабр усти ёдгорликларини шикастлашига йўл қўймаслик учун уларнинг ўз вақтида кесилишини таъминлаш;

умумий фойдаланиш жойларини тоза сақлаш, хиёбонлар бўйлаб маиший чиқиндилар учун махсус яшик ва қутилар ўрнатиш, маиший чиқиндиларнинг қабристон ҳудудидан ўз вақтида олиб чиқилишини таъминлаш;

муҳандислик иншоотларининг зарур даражада ишлашини таъминлаш, ташқи тўсиқ, бино ва иншоотлар, йўллар, муҳандислик тармоқлари ва иншоотларининг жорий ва мукаммал таъмирланишини амалга ошириш ҳамда кўкаламзорлаштириш;

барча турдаги яшил ўсимликларни суғориш ва парваришлашни таъминлаш, уларни янгилаш, зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтларга қарши курашиш;

фуқароларга (ташкилотларга) уларнинг буюртманомаларига кўра дафн учун участкаларни бепул бериш;

марҳумларни гўр қазиш меъёрлари ва қоидаларига риоя этган ҳолда дафн этишни таъминлаш;

қабрнинг рўйхат рақамини кўрсатилган бетон устунга ўрнатиш;

анжомларнинг (белкурак, паншаха, пақир, хокандоз, супурги, замбил ва ҳоказоларнинг) етарли миқдорда бўлишини ва уларнинг фуқароларга қабрларга қараш учун бепул (тилхат билан) берилишини таъминлаш;

қабристонда зарур даражадаги тартибни таъминлаш бўйича, шу жумладан умумхалқ ҳашари, хотирлаш кунлари ва бошқа тадбирларни ташкил этишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин алоқада бўлиш;

хизматлар учун қатъиян белгиланган тарифлар бўйича ҳисоб-китоб қилган ҳолда фуқароларнинг қабристонда кўрсатиладиган хизматларга доир буюртмаларини ўз вақтида ва сифатли бажариш;

қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш тартибига, ҳудудни кўкаламзорлаштириш учун дарахт ва буталарнинг турларини тўғри танлашга риоя этилишини назорат қилиш;

дафн этилганнинг қариндошларига эскириб кетган қабр усти ёдгорлиги тўғрисида ёзма хабар қилиш ва уни тузатишни талаб қилиш;

гўр қазувчи ишчилар ҳамда марҳумларни ювувчи ва кийинтирувчи ишчиларга санитария қоидаларини ҳамда диний ва маҳаллий анъаналарни ҳисобга олиб меъёрларни қатъиян бажарган ҳолда ишларни бажаришнинг хавфсиз усулларини ўргатишни ташкил қилиш;

қабр усти ёдгорликларининг сақланишини таъминлаш, улар ўғирланган, бузилган, вайрон қилинган тақдирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини ва ёдгорликларнинг эгаларини хабардор қилиш;

ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, ёнғинга қарши шчитларни зарур миқдорда ёнғинга қарши анжомлар билан бутлаш;

қабристоннинг бутун ҳудудини ҳар йили камида икки марта ҳар томонлама супуриб-сидиришни амалга ошириш.

  • Тумандаги қабристонлар хизматларидан фойдаланувчи фуқаролар (ташкилотлар) қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тегишли диний конфессия қабристонида вафот этган яқинлари ва қариндошларини дафн этиш учун бепул участка олиш;

санитария қоидалари ҳамда бошқа қоидалар ва меъёрларга зид бўлмаган диний маросимлар ва маҳаллий анъаналарга риоя этган ҳолда дафн этиш удумини бажариш;

маросим хизматларидан фойдаланиш ва уларга белгиланган тарифлар бўйича ҳақ тўлаш;

буюртирилган хизматларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини қабристон маъмуриятидан талаб қилиш;

қабрга ва қабр усти ёдгорликларига қараш учун қабристон анжомларидан бепул фойдаланиш;

туман ободонлаштириш бошқармаси билан келишган ҳолда яқинлари ва қариндошларининг қабрларига қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш.

III. Қабрларни сақлаш ва қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш

  • Дафн этишни амалга оширган фуқаролар ва ташкилотлар қабрлар ҳамда қабр усти ёдгорликларини зарур ҳолатда сақлаши шарт.
  • Алоҳида дафн этишга ажратилган участка доирасида, туман ободонлаштириш бошқармаси ва қабристон маъмурияти билан келишган ҳолда, узунлиги 1,5 метр, эни 1 метр ва баландлиги 0,5 метр (қабр устидаги тупроқ тепалиги баландлиги даражасида), ёзувлар учун вертикал плитанинг баландлиги 1 метргача бўлган ўлчамда қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш (қуриш)га йўл қўйилади (ер ости сувлари сатҳи юқори бўлган ер юзасида “сағана” кўринишида барпо этиладиган мусулмон қабрларидан ташқари).

Қабр атрофида металлдан ясалган ва бошқа тўсиқларни ўрнатиш (ўсимликлардан иборат яшил тўсиқлардан ташқари), қўшни қабрларнинг ҳудудларини ва бўш ер участкаларини эгаллаб оладиган қабр усти ёдгорликларини барпо этиш тақиқланади.

  • Қабр усти ёдгорликларини дафн этиш чоғида қилинган тупроқ кўтарма чўкканидан кейин, қисмларга ажратиш — йиғиш мумкинлигини назарда тутадиган зарур пойдеворлар барпо этган ҳолда ўрнатиш тавсия этилади.
  • Бюстлар, ҳайкалтарошлик ёдгорликлари ёки алоҳида архитектура шаклига эга бўлган иншоотларни ўрнатишга фақат лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳамда Наманган вилояти ҳокимининг қарори мавжуд бўлгандагина рухсат берилади.
  • Қабр усти ёдгорликларининг ўлчамлари ва жойлаштирилиши, шунингдек дарахт ва буталар ўтказиш олдиндан қабристон маъмурияти билан келишилади.
  • Қабр усти ёдгорликларининг ўрнатилиши қабристон маъмурияти томонидан қабр усти ёдгорликларини рўйхатдан ўтказиш дафтарида рўйхатдан ўтказилиб, унда қабрнинг сектори, участкаси, қатори ва рақами, дафн этилган кишининг фамилияси, исми-шарифи, ўрнатилган сана, ёдгорликнинг қисқача тавсифи, тайёрловчи, уни ўрнатган шахсларнинг манзил ва фамилиялари кўрсатилади.
  • Барча қабр усти ёдгорликлари уларни ўрнатган фуқаролар ва ташкилотларнинг мулки ҳисобланади. Қабристон маъмурияти ташаббуси билан қабр усти ёдгорликларини бузиб ташлашга йўл қўйилмайди, қабристон Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 4 апрелдаги 101-сонли қарори билан тасдиқланган Дафн этиш жойларини сақлаш, улардан фойдаланиш ва қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 18-бандига кўра ёпилаётган (кўчирилаётган), қариндошларнинг эскириб кетган қабр усти ёдгорликларини тузатишдан бош тортган, улар белгиланган тартибда эгасиз деб топилган ҳоллар бундан мустасно. Қабр усти ёдгорликларини бузиб ташлаш қабр усти ёдгорликларининг элементлари албатта тавсифланган, бузиб ташлаш далолатномаси расмийлаштирилган ҳолда қабристон маъмурияти томонидан амалга оширилади.
  • Тўрақўрғон туман ҳокимлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга кўра раҳбарлар ва таниқли давлат арбобларининг қабрлари ва қабр усти ёдгорликларини, тарихий обидаларни намунали тартибда сақлаш маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
  • Тумандаги барча қабристонлар маъмурияти ёдгорликлардаги ёзувларнинг мазмунини назорат қилиши, уларда ўлим тўғрисидаги ҳужжатлардаги маълумотларга номувофиқликлар бўлишига йўл қўймаслиги шарт.
  • Якунловчи қоидалар
  • Ушбу Қоидалар бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимлиги, туман ободонлаштириш бошқармаси ва барча қабристонлар маъмурияти томонидан амалга оширилади.
  • Мазкур Қоидаларда белгиланган талабларнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.