Тўрақўрғонлик йигит Президент стипендианти бўлди

Яқинда хушхабар тарқалди: Наманган муҳандислик-қурилиш институти қурилиш факультетининг 4-босқич талабаси Жалолиддин Маҳмудов Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси соҳиби бўлди. Қувонарлиси, 23 ёшли бу йигит тўрақўрғонлик, аниқроқ айтганда, Паросмон маҳалласида истиқомат қилади.

Табиатида изланувчанлик ҳислати қарор топган бу йигит 1-мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ илм олишга астойдил киришди. Айниқса, ўзи қизиқадиган метематика, физика, информатика фанларини янада чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қилди. 5-синфдан бошлаб эса Наманган шаҳридаги 58-давлат ихтисослаштирилган мактабида таҳсил олди ва уни имтиёзли шаҳодатнома билан тугаллади. Сўнг ўқишни Тўрақўрғон қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида давом эттирди.

2018 йилда Ж. Маҳмудов НамМҚИга Бино ва иншоотлар қурилиши йўналиши бўйича энг юқори балл билан, биринчи ўринда давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.

Ўз соҳаси бўйича чуқур билим олишни олдига мақсад қилиб олган серғайрат талаба илмий раҳбари, доцент Анваржон Исомиддинов билан биргаликда илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Изланишлари натижасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигининг электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастури учун гувоҳнома олишга эришди.

У институтнинг ўқув-услубий, илмий-тадқиқот, маънавий-ахлоқий ва тарбиявий жараёнида доимо фаол. Халқаро IELTS имтиҳонида 7-даража(C1)ни олишга эришган ва «Future Leaders» («Келажак етакчилари») лойиҳаси доирасида талабалар турар жойида инглиз тили фанидан тенгдошлари учун бепул ўқув курси ташкил этгани алоҳида таҳсинга лойиқ. Шунингдек, у инглиз тилида олиб бориладиган “Мунозара клуби”нинг ҳаммуаллифи ва жонкуяр модератори сифатида ҳам танилган.

Жалолиддин “Йил талабаси - 2020” танловининг институт босқичида “Йилнинг энг фаол ташаббускор-тарғиботчи талабаси” номинацияси бўйича ғолиб бўлди. Республика фан олимпиадасида эса инглиз тили фанидан фаол қатнашиб, юқори натижага эришди.

Айни пайтда у Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти «Фаол ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш» йўналиши етакчиси, халқаро U-Report лойиҳаси вилоят ёшлар қўмитасининг ҳамда Ўзбекистон либерал-демократик партиясининг фаол аъзоси ҳамдир.