Меҳнати машаққатли, даромади баракали соҳа

Кеча бошланган пиллакорлар учун семинар-ўқув бугун 2 ва 3-секторлардаги маҳаллаларда яшовчи хотин-қизлар учун давомланди.

Аёлларнинг кўркли либослари, келинларнинг сепидаги энг чиройли буюмлари атлас-адрасдир. Унинг ял-ял товланиши ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Тўрақўрғон 1-сонли касб-ҳунар мактабининг кириш ҳовлиси ана шу матолар билан безанди. Семинарга келган пиллакорлар булар ўзларининг меҳнати маҳсули эканлигидан фахрландилар.

Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова, вилоят “Агропилла” МЧЖ раҳбари Лобархон Явминова, 2-сектор раҳбари Элёржон Талаббоев пиллакорлар билан мулоқотда уларнинг меҳнати ҳамиша ардоқланиши ҳақида эътироф сўзларини айтишди.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси Ишчи гуруҳи аъзоси, республика Ипакчилик илмий-тадқиқот институти илмий ходими Давронбек Содиқовнинг ипак қурти парваришидаги янги технологиялар ва янгиликлар ҳақидаги маъузаси семинар иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоб ўрнини босди.