Маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчилари ҳамкорликда, ҳалоллик ва виждонан ишласагина фаолиятда натижа бўлади

Туман маданият марказида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва ҳоким ёрдамчилари иштирокида уларнинг ўз вазифаларини қандай бажараётганлари таҳлили ва бугуннинг долзарб юмушлари мавзуида йиғилиш бўлиб ўтди.

Барча сектор раҳбарлари қатнашган мулоқот танқидий руҳда кечди. Биргина мисол, туманда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилган кредитлардан феврал ойи ҳолатига 14 миллиард 375 минг сўмдан ортиқ қарздорлик бўлиб, шундан 3 миллиард 177 минг сўм ундирилди. Фуқаролар ўз ҳуқуқлари билан бирга бурчларини ҳам англаб етишлари учун эндиги ажратиладиган кредитларни беришда шаффофлик бўлиши шарт. Агар маблағлар ҳақиқий эгаларига етиб борса, ҳам натижага эришилади, ҳам эшикма-эшик ундирувга юрилмайди.

Туман прокурори Элёрбек Талабоевнинг маълумот беришича, ўтган йили прокуратура томонидан қўзғатилган жиноий ишларнинг кўп қисми кредит ва субсидия ажратиш билан боғлиқ ҳолатлардир. Албатта, айбдорлар қилмишига яраша қонун бўйича жавоб бермоқда.

-Маҳаллада раис ва ҳоким ёрдамчилари ҳамкорликда ишланг. Фирибгарлик, таъмагирлик, коррупция ҳолатларига асло йўл қўйманг. Шундагина ҳудудингизда обрўингиз бўлади, одамлар сизга ишонади. Сизнинг вазифангиз ҳар бир оила тўқ ва фаровон яшаши учун давлатимиз томонидан кўрсатилаётган имкониятларни тўлиқ етказиш,-деди туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова.

Йиғилишда кредит ундиришда алоҳида намуна кўрсатган Файзиобод, Бекобод маҳаллалари раислари Холматжон Асқаров, Рустамжон Зоҳиров, Янгиобод ва Сарой маҳаллалари ҳоким ёрдамчилари Ҳайиталихон Анвархонов, Бобуржон Маматхоновлар рағбатлантирилдилар.