Еттиконликлар фаровонлик сари

Туман прокурори раҳбарлигидаги 2-секторда жойлашган Еттикон маҳалласида 6080 нафар аҳоли, 1010 та хонадон бор. Тўрақўрғон шаҳри марказига яқин бўлгани учун фуқаролари турли ташкилот ва корхоналарда ишлашади. Шу билан бирга юртимизда олиб борилаётган сиёсатга ҳамоҳанг равишда қўшимча даромад топишга ҳам ҳаракат қилаётганлар кўп.

Маҳалла раиси Баҳриддин Пазлиддинов, ҳоким ёрдамчилари Бахтиёр Нуриддинов ва Темурбек Турсуновлар ташкиллаган семинарда қуёнчилик билан шуғулланиб, ҳам мўмай пулга эга бўлаётган, ҳам қўни-қўшниларини шу соҳага қизиқтириб савобга қолаётган Муҳаммаджон Ғойипов фаолияти билан танишилди. Унинг ҳисобида ҳатто 100 долларга сотиладиган жониворлар бор.

Расулжон Қодиров эса биогомус, кўчатчилик билан шуғулланади. Абдураҳмон Тўрабоев зотдор товуқлар боқади. Муҳаррам Холматова тумандаги “Баркамол авлод” болалар ижодиёт марказида ишлайди, тўқувчилик, касаначилик, юмшоқ ўйинчоқлар ясаш бўйича уй тўгараги очган, унда 20 нафардан ортиқ ўқувчи ёшлар ҳунар ўрганишмоқда.

Семинар давомида 4-мактабдаги 60 дан зиёд ўғил-қизлар жалб этилган, Самидулло Ходжаев раҳбарлигида “Ёш гвардия” жанговор отряди, Сардорбек Пирматовнинг турникдаги ҳайратомуз трюклари, каратэчи йигитлар, “Ватанпарвар” ташкилоти туман ўқув спорт-техника клуби аъзолари, кўчма кутубхонадан тортиб аёллар маслаҳат кенгаши аъзолари тайёрлаган баҳорий таомлардан барча баҳраманд бўлди.

Тадбирда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Элёрбек Турғунов, сектор раҳбари Элёрбек Талабоев иштирок этишди.