Бордимкўлда сайёр қабул

Давлат билан халқни янада яқинлаштириш мақсадида туман ҳокимлиги раҳбарияти ва сектор раҳбарлари жойларда сайёр қабул ўтказишмоқда.

Бордимкўл маҳалласида туман ҳокимининг ўринбосари Шерзоджон Собиров фуқаролар мурожаатларини тинглади.

Тадбиркор Хуршида Каримжонова субсидия асосида тикув машинаси олишда кўмак сўради. Унга ўз ҳунарини кўпроқ ишсиз аёлларга ўргатиб, ёнига шогирдлар олиши, шунда бу масала қонуний ва тезроқ ҳал бўлиши тушунтирилди.

Азизбек Жўрабеков чорвачилик йўналиши учун ер майдони сўраб, Абдуманнон Мирзабоев Гулқишлоқ кўчасида электр таъминотини яхшилаш ва йўлларни шағаллаштириш ҳақида мурожаат қилди.

Шунингдек, Қўриқ кўчасида яшовчи фуқаролар уй майдонларидаги симёғочларни кўчиришда амалий ёрдам сўрашди. Туман электр таъминоти корхонаси вакиллари хонадонларга бориб ўрганиш ўтказишди, маълум бўлишича, анча йиллар аввал бу ерларда уй бўлмаган, кейинчалик қурилишлар амалга оширилганда симёғочлар ҳовлиларда қолиб кетган. Мутасаддилар ушбу масаланинг ечими бўйича аҳоли билан мулоқот ўтказишди ва энг мақбул йўл танланди.