#тайинлов

Ахрор Мансуров Тўрақўрғон тумани ҳокими этиб тайинланди

Тўрақўрғон туман ҳокимлиги мажлислар залида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразаков бошчилигида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда ташкилий масала кўрилди.

Ҳозирга қадар вилоят ҳокимининг ўринбосари — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келган Мансуров Ахрор Ахмадалиевич Тўрақўрғон тумани ҳокими этиб тайинланди.

Ахрор Мансуров 1988 йилда Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида туғилган. Маълумоти олий, 2013 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2013 йилда Мингбулоқ туман давлат нотариал идораси нотариус ёрдамчисилигидан бошлаган. 2014—2016 йилларда Наманган вилоят адлия бошқармасида турли вазифаларда, 2016-2019 йилларда Наманган вилояти ҳокимлигининг Ахборот-таҳлил гуруҳи бош мутахассиси, гуруҳ раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси етакчи инспектори вазифаларида фаолият юритган.

У 2021 йилдан шу кунга қадар вилоят ҳокимининг ўринбосари — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётганди.

Мансуров Ахрор Ахмадалиевич Халқ депутатлари Тўрақўрғон тумани кенгашининг навбатдан ташқари 3-сессиясида Тўрақўрғон тумани ҳокими лавозимига тайинланди.