Ёшлар етакчилари планшетли бўлди

Тумандаги ҳар бир маҳаллага тайинланган 67 нафар ёшлар етакчиларига бугун хизмат планшетлари топширилди.

Туман маданият марказида ташкилланган маросимда туман ҳокимининг ўринбосари Азамат Абдукаримов Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган янги лавозимни эгаллаган ёшлардан кутилаётган умидлар тўғрисида гапирди.

Хусусан, етакчи ўғил-қизларнинг энг яқин инсонига айланиши, уларнинг муаммоларини ҳар қандай идоралар олдига қўйилиши ва ҳал этилишида фаол бўлиши зарурлиги таъкидланди. Айниқса, бирор бизнесни юритмоқчи бўлган ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият бериш кераклиги тўғрисида сўз борди. Иш юритиш учун эса давлатимиз томонидан зарурий шароитлар яратиб берилаётганига тўхталди. Хизмат планшетлари ана шундай эътиборнинг бир кўриниши эканлигини айтди.

Шундан сўнг секторлар раҳбарлари ёшлар етакчиларига планшетларни тантанали суръатда топширдилар.

Нуронийлар кенгаши раиси Одилхон Хўжаев ёшлар сиёсати билан боғлиқ эзгу ишларни амалга оширишда доимо фаол бўлишдек масъулиятли вазифа юклатилган етакчиларга ўз тилакларини билдирди.