Тўрақўрғонда “Наврўз” шодиёналари

Гўзал ва бетакрор юртимизга барчамиз орзиқиб кутган, дилбар фасл - Наврўзи олам кириб келди.

Муҳтарам Юртбошимиз таклифлари билан Наврўз байрамини халқ сайли сифатида нишонлаш анъанага айланиб бораётгани, албатта, барчамизни беҳад қувонтирди.

Бугун Тўрақўрғоннинг маркази Наврўз қувончларига тўлди. Байрамона кайфият, тинчлик-хотиржамлик, тўқчилик, фаровонлик шукронаси билан халқимиз бу айёмни нишонлаш учун ҳозир бўлдилар.

Дунёда бир-биридан ажойиб байрамлар кўп. Лекин, улар орасида Наврўз айёми ўзининг қадимийлиги, табиатимизга уйғунлиги ва гўзаллиги, маъно-мазмунининг теранлиги билан бошқалардан ажралиб туради. Баҳор ҳаётга муҳаббат, яшаш иштиёқини оширади, келажакка ишончни мустаҳкамлайди.

Байрам сайлида тумандаги ташкилот ва муассасалар, корхоналар ўзлари эришган муваффақиятларни ифода этдилар. Кўклам пишириқлари, дошқозонларда сумалак, палов дамланди. Куй-қўшиқлар, рақслар ижро этилди.

Туман ҳокими Аҳроржон Мансуров бошчилигида сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, нуронийлар, ёшлар кўргазмаларни айланиб, кўришди. Унинг ташкилотчиларига миннатдорчилик билдиришди. Кексалар дуоларида йил қандай ният билан бошланса, то охиригача ўша ният ҳамроҳ бўлади, деган ниятда шундай хурсандчилик билан бошланаётган йилимиз юртимизга тинчлик, бахт-саодат, қут-барака, ободлик ва фаровонлик олиб келишини тиладилар.

Байрам туманимизнинг барча маҳаллаларида ҳам шундай шодиёналар билан нишонланмоқда.