Халқ депутатлари туман Кенгашининг 33-сессияси бўлиб ўтди
Сессия ишида туман ҳокими Аҳроржон Мансуров ва ҳоким ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, сиёсий партия кенгашлари раислари, депутатлар иштирок этишди.
Кун тартибидаги биринчи масала-"Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағларини сарфланиши ҳақида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Элёрбек Турғунов ҳисобот берди. Унда "Темир дафтар","Аёллар дафтари","Ёшлар дафтари"да шаклланган кам таъминланган эҳтиёжманд оилалардан бўлган учта етим болаларнинг уй-жойини таъмирлаш, тўрт нафар ишсиз аёлларга ўзини ўзи банд қилиш учун тикув машиналари олиб бериш, Наврўз байрами муносабати билан икки нафар ўта оғир аҳволдаги оилага қорамол бериш, 26 нафар турли даражадаги ногиронлик гуруҳларига мансуб фуқароларга мурожаати бўйича моддий кўмак ажратиш, Ногиронлар ҳамда Кўзи ожизлар жамияти ишчи-ходимларига иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни таъминлаб бериш каби ҳаражатлар кўзда тутилган.
2022 йилда"Обод қишлоқ" давлат дастурини амалга ошириш бўйича дастлабки манзилли рўйхатни тасдиқлаш тўғрисида туман ҳокимининг ўринбосари Акмалжон Тўраев сўзга чиқди.
Шунингдек, тумандаги айрим фермер хўжаликлари фойдаланиб келаётган ер майдонларини заҳирага олиш ҳамда улар билан тузилган ер участкасини узоқ муддатли идарага олиш шартномаларига ўзгартириш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгашининг "Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарори ижроси, туман тиббиёт бирлашмасининг 2021 йил давомида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида олиб борилган фаолияти ҳақидаги масалалар ҳам депутатлар эътиборига ҳавола қилинди.
Сессияда туман ҳокимининг айрим қарорлари ҳамда кўрилган барча масалалар қарорлари тасдиқланди.