Тўрақўрғон туманида ипак қурти уруғи тарқатишга киришилди
Туманда жорий йилда 3226 қути қурт уруғи парваришлаш, 184 тонна қимматбаҳо саноат хом ашёси етиштириш мақсад қилиб олинган. Икки йилдирки, ишни уюшқоқлик билан ташкил этилгани сабабли соҳада ижобий натижалар қўлга киритиб келинмоқда. Фермер хўжаликлари ва қурт боқувчилар билан ички шартномалар ўтган йилнинг охиридаёқ тузиб бўлинган.
Кечадан бошлаб туманда 6 та инкубаторийларда жонлантирилган қурт уруғини тарқатиш бошланди. Пиллакорларга аванс пули, зарур ашёлар берилиб, саноат учун қимматбаҳо хом ашё етиштиришга қўшаётган ҳиссалари учун миннатдорчилик билдирилди.
“Олтин водий” ММТП ҳудудида 65 нафар боқувчиларга қурт уруғи тарқатилди. Туман ҳокими Аҳроржон Мансуров пиллакорлар меҳнати йилдан-йилга қадрланаётгани, бу йил ҳар килограмм пиллага 24 700 сўмдан ҳақ тўланиб, қўшимча 5 минг сўмдан субсидия берилиши оилалар учун яхшигина даромад эканлигини таъкидлади.