Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов Тўрақўрғон туманида эҳтиёжманд оилаларга берилган ер майдонларининг қонунийлиги ва ундан самарали фойдаланиш жараёнлари билан танишди.
Туманда ушбу мақсадга 401 гектар майдон ажратиб берилган бўлиб, айни кунгача 292 гектари очиқ аукцион орқали 295 нафар фуқарога тарқатилди. Бу майдонларга картошка, ловия ва бошқа зарур озиқ-овқат экинлари экилди.
Козимжон Комилов шундай имтиёзга эга бўлган 25 нафар фуқаро деҳқончилик қилаётган "Озод" маҳалласида мулоқот ўтказди. Юртбошимиз томонидан инсон қадри учун олиб борилаётган ислоҳотларнинг бири сифатида эҳтиёжманд оилаларнинг даромадларини ошириш кўзланган тадбирларни изоҳлади. Ушбу ерлардан қонуний фойдаланиш шартлиги, акс ҳолда суд қарори билан олиб қўйилиши мумкинлигини эслатди.
Тадбиркор Абдураҳим Жўрабоев шу ернинг ўзида 400 тонналик музлаткич омбори ташкил этгани, фуқаролар етиштирган ҳосилни ўзи нақд пулга сотиб олиши ҳаммага маъқул келди. Ер эгалари шундай эътибор учун Президентимизга миннатдорчилик билдириб дуода бўлдилар.