Қорақалпоғистон Республикаси Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Қувончбек Нурумбетов раҳбарлигидаги меҳмонлар Наманганга келдилар.
Улар жойларда деҳқончилик маданияти, томорқадан самарали фойдаланиш, чорвачиликни ривожлантириш борасидаги тажрибаларни ўрганмоқдалар.
Тўрақўрғон туманидаги Кумидон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Носиржон Сулаймоновнинг 30 сотихли ҳовлисида томорқа даромад манбаига айланган. Иссиқхонадан йилига яқин 20 миллион сўм, эртанги саримсоқпиёздан 15 миллион сўм, бошқа экинлардан 10 миллион сўм маблағ топиладиган бу хонадонда ҳамма мева турлари, чорвачилик, паррандачилик билан шуғулланилади.
Қорақалпоғистонлик меҳмонлар шу маҳалладаги Жамолдин Сотиболдиев, Иброҳимжон Зокировларнинг томорқадан унумли фойдаланиб келаётганларини ҳам олқишладилар. Улар юртларига қайтгач, асосан шимолий ва жанубий вилоятлар аҳолисига бу ерда ўрганганлари бўйича тавсиялар беришларини таъкидлаб ўтдилар.