Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразаков Тўрақўрғон туманидаги "Gold Fresh Fruits" МЧЖ агрологистика маркази қурилишида бўлди.

Бу ерда 1 гектарли иссиқхонага экилган 1 500 туп гилос кўчатлари, махсус полиэтилен идишларда ўстирилаётган 160 туп гилос кўчатларини замонавий парваришлаш тажрибаси катта янгилик. Бунинг натижасида гилос мевасини май ойида одатдагидан 15 ёки 20 кун аввал пишиб етилиши ва чет эл бозорларига биринчилардан кириб бориши таъминланади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 10 млн. доллар бўлиб, ундаги музлатгичли омборхоналар сиғими биринчи босқичда 4000 тоннани ташкил этади. Шу билан биргаликда, марказ ҳудудида 2 қаватдан иборат меҳмонхона, маъмурий бошқарув биноси, божхона хизматини кўрсатиш учун доимий бино-иншоот, майдони 2 гектарли мева-сабзавот бозори ташкил этиш режалаштирилган.

Вилоят ҳокими ушбу инвестиция лойиҳасини ташқи муҳандислик (электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва оқова сув) тармоқлари билан доимий таъминлаш чораларини кўриш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берди.