Бу катта имконият, ундан самарали фойдаланиш керак
Тўрақўрғон туманида Президент қарорига кўра, эҳтиёжманд оилаларга 10 йил муддатга 10 сотихдан 1 гектаргача ижара асосида фойдаланиш учун 401 гектар майдон ажратиб бериш режалаштирилган, айни кунгача 292 гектари очиқ аукцион орқали фуқароларга тарқатилди. Бу майдонларга картошка, ловия, соя ва бошқа зарур озиқ-овқат экинлари экилади. Жараён эса давом этмоқда.
"Озод" маҳалласида шу мавзуга бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда вилоят Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Носиржон Каимов, туман ҳокимининг ўринбосари Ҳакимжон Раҳимов иштирок этишди.
Айтиб ўтилганидек, Юртбошимиз томонидан инсон қадри учун олиб борилаётган ислоҳотларнинг бири сифатида эҳтиёжманд оилаларнинг даромадларини ошириш учун ер майдонлари ажратилди. Ушбу ерлардан қонуний ва самарали фойдаланиш шарт. Чин кўнгилдан меҳнат қилган оила катта даромад топиб, фаровон яшашига замин яратиши мумкин.
Семинарда ҳоким ёрдамчилари ва очиқ аукционда ер олиш имконини қўлга киритган фуқаролар томонидан турли саволлар йўлланди.