Жамиятга соғлом оналар, соғлом фарзандлар керак

Гулқишлоқ оилавий шифокор пунктида туман ҳокимлиги оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида соғлом овқатланиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Мавзу ўта долзарб ва ҳамма билиши зарур мавзу. Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Юсуфали Маҳмудовнинг фикрлари ўринли: кейинги йилларда аҳоли ўртасида юрак-қон томир, бўғим касалликлари кўпайди. Чунки, спорт билан шуғулланиш, соғлом овқатланишга эътибор кам. Шифокорнинг айтишича, одам касалликни ўз қўли билан оғзига солади. Ширинликлар, тез тўйинтирувчи егуликлардан бутунлай воз кечиб, сут маҳсулотлари, мева, сабзавот, дуккаклилар истеъмолини кўпайтириш керак. Айниқса, болалар таомномаси белгиланган тартибда бўлиши муҳим.

Туғруқхона бўлими мудираси Раънохон Шокирова эса эрта турмуш ва эрта туғруқнинг олдини олиш бўйича керакли маслаҳатларни айтиш билан бирга туманда болалар ўлими билан боғлиқ ҳолатлар сабабини изоҳлади. Кеч туғруқ ҳам эрта туғруқ каби хавфлидир, деди у. Она-бола скринингги бўйича ҳамшира Азиза Якуббоеванинг фикрлари жамиятга соғлом оналар ва соғлом оналар кераклиги ва бу ҳамма учун аҳамиятли эканлигини таъкидлади.

Хўш, қандай ишлаймиз? Туман ҳокимининг ўринбосари Феруза Солиева бу борада аниқ вазифаларга тўхталди. Оилалардаги хотин-қизлар доимий назоратда бўлади. Айниқса, туғиш ёшидаги, ҳомиладор аёллардан хабар олиб борилади. Фарзанд кутиш бўсағасидаги оналар яқинлари томонидан парвариш қилиниши шарт. Бу борада маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари тиббиёт ходимларига кўмаклашадилар.

Семинар сўнггида мазкур ОШПга келган ҳомиладорлар тажрибали шифокор Р. Шокирова томонидан кўрикдан ўтказилди.