Рамазон Ҳайити байрам сифатида нишонланади, масжидларда ибодатларга барча шароитлар яратилиши лозим

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Ариповнинг 2022 йил 28 апрелдаги видеоселектор йиғилишида берган топшириқларидан келиб чиқиб, Тўрақўрғон тумани ҳокими Аҳроржон Мансуров бошчилигидаги ишчи гуруҳи тумандаги барча масжидларда бўлишди.

Ишчи гуруҳ “Рамазон ҳайити” тадбирлари ўтказиладиган объектларда тайёргарлик ишлари тўлиқ назорат қилиниб, намозхонларга қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳайит намози ибодат тадбирларини юқори кайфиятда ўтказиш чораларини кўриш, объектларда жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, масжид ҳудудидаги кузатув камераларини тўлиқ ишлаши белгиланган талаблар асосида жиҳозлаш, аҳоли ўртасида муборак байрам шукуҳини юксалтириш масалалари юзасидан вазифалар белгилаб берилди.

Шунингдек, тумандаги барча масжидларга олиб борадиган йўл бўйларини ободонлаштириш, масжид атрофлари, маҳаллаларда, қабристон ва зиёратгоҳларда умумхалқ ҳашарларини ўтказиш масалалари бўйича кўрсатмалар берилди.