Янги Ўзбекистон-маърифатли жамият
Халқимизнинг улкан жасорати ва матонати билан 1991 йил 31 августда қўлга киритилган Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги кўп минг йиллик тарихдаги ҳеч қачон унутилмайдиган, қадр-қиммати ва аҳамияти йиллар, асрлар ўтгани сайин тобора ортиб борадиган буюк тарихий воқеадир.
Айнан миллий мустақиллик эл-юрт учун жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш ҳамда эришаётган барча ютуқ ва марраларимизнинг асосий манбаси бўлиб келмоқда.
«Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» деган бош ғояни ўзида мужассам этган бу йилги мустақиллик байрами тадбирлари шаҳар ва қишлоқларимизда бошлаб юборилган.
Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси ҳамкорлигида Дукат маҳалласида ўтказилган “Янги Ўзбекистон-маърифатли жамият” номли тадбирда истиқлолимизнинг 31 йиллиги мадҳ этилди. Унда иштирок этган РМММ вилоят бўлими раҳбари Мусохон Аппоқов, туман ҳокими Аҳроржон Мансуров юртимизда инсон қадри учун олиб борилаётган ишлар ҳақида гапиришди. Туманнинг ижтимоий-маънавий тараққиётида фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ нуронийлар, ёшлар вакилларига байрам совғалари туҳфа этилди.
-Ноанъанавий тарзда ташкиллаган тадбиримизга Дукат маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Авазбек Турсунов, ёшлар етакчиси, фаоллар бош қўшдилар, ҳудуддаги истеъдод эгаларидан бадиий дастур намойиш этилди,-дейди туман маънавият бўлинмаси раҳбари Маъсудахон Бегматова.- Мустақиллик ҳар қанча тантаналарга муносиб байрамлигига яна бир бор исбот бу.