Брифинг

Коррупция ҳолатларини камайтириш учун халқимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги янада ошиши керак

Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича туманда амалга оширилаётган ишлар юзасидан брифинг бўлиб ўтди.

Мавзу юзасидан туман адлия бўлими бошлиғи Фароғат Раззоқова маълумот берар экан, мамлакатимизда коррупциявий ҳолатларнинг ҳамда давлат ташкилотларига мурожаат пайтида фуқаролар сарсон бўлишларининг олдини олиш мақсадида кўплаб ишлар қилинганини давлат хизматлари маркази мисолида таҳлил қилиб берди. Шунингдек, юридик марказлар ташкил этилиб, аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш, давлат ташкилотларида юридик хизмат кўрсатиш сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Туманимизда ҳам айни шундай хизматлар адлия бўлимига таркибига ўтказилди ва улар бир бинога жам қилинди. Айни пайтда биргина давлат хизматлари маркази орқали 176 турдаги хизматлар кўрсатилмоқда.

Журналист ва блогерлар адлия бўлимига қарашли мазкур хизмат турлари, замонавий бинода аҳоли учун яратилган қулайликлар билан яқиндан танишдилар.

Сўнгра ўзаро мулоқот бўлди. Фароғат Раззоқова бўлим фаолияти ҳақида батафил гапириб берди. Коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш чораларига тўхталди. Айниқса, фуқароларнинг бирор ноқонуний ҳолат бўйича мурожаатларини тўғридан-тўғри қабул қилувчи “Ишонч телефонлари” жорий этилгани барчага манзур бўлаётганини алоҳида таъкидлади.

Давлат хизматлари маркази директори Ғуломжон Қодиров ҳамда юридик марказ раҳбари Ўткирбек Ҳошимовлар ҳам мамлакатимизда таниш-билишчилик, пора олди-бердиси сингари аянчли иллатларни бартараф этиш йўлида олиб борилаётган ишларга тўхталдилар. Бу борада марказларда яратилган имкониятлар хусусида гапирилди.

Брифинг иштирокчилари мутахассисларга кўпчиликни қизиқтирган масалалар юзасидан саволлар бердилар ва тегишли жавоблар олинди.