Тўрақўрғон туманида туғруқхона комплекси фойдаланишга топширилди

“Инсон қадри” тамойили асосида тиббиёт соҳасида рўй бераётган ислоҳотлар юртимизнинг барча ҳудудлари қаторида Тўрақўрғон тумани ҳаётида янада яққолроқ намоён бўлмоқда. Инвестиция дастури асосида реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилган 110 ўринли туғруқхона фикримизнинг яққол мисолидир.

16 миллиард сўмдан ортиқ маблағ харажат қилинган ва «Бунёдкор Мубошер» МЧЖ томонидан бутунлай ўзгача қиёфага келтирилган муассасада туғруқни қабул қилиш, уни муваффақиятли амалга ошириш, она ва чақалоқ соғлиғини муҳофаза қилиш учун барча шароитлар яратилган. 6 та туғруқ зали, 2 та операция хоналари замонавий жиҳозланган. Шунингдек, палаталар ҳам талаблар даражасидаги жиҳоз ва қурилмалар билан таъминланган.

Инсон азиз Ўзбекистонимизнинг Давлат мустақиллигига эришган қутлуғ санаси олдидан фойдаланишга топширилган мажмуанинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразаков иштирок этди.